Шаҳид
Бир киши хотинини синамоқ мақсадида уйига йиғлаб кириб келди.
-Дадаси, нима бўлди?-деб чўчиб тушди хотин.
-Подшо фармон чиқарибди. Иккита хотини борлар уйида ўтирар экан, битта хотини борлар урушга кетар экан,-деди эр.
Бу хабарни эшитиб, хотин ҳам йиғлай бошлади.
-Сен нега йиғлаяпсан?-деб ажабланди эр.
-Дадаси майли, урушга бораверинг, ўлсангиз, шаҳид кетарсиз,-деди хотин.
Суюкли хотин
Русларнинг “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас”, деган иборасини “Икки хотин олишни орзу қилмаган эр-эр эмас”, деб ўзгартирсак бўлар. Икки хотиннинг борлиги яхши-ю, аммо икки хархашаси мавжудлиги ёмон. Чидаганга чиқарган-да! Бир киши икки хотин хархашасига чидаб яшарди. Икковига ҳам адолат қиларди. Бирига зирак олса, иккинчисига ҳам айни шундай совға оларди. Ҳатто тунни ҳам тенг иккига бўларди. Иттифоқо, иккала хотини ҳам бир соатда жон берди. Одатга кўра, майит деразадан олиб чиқилиши керак. Уйнинг биттагина деразаси бор эди. Деразадан аввал қайси хотинни олиб чиқсам экан, деб кўп ўйланди. Охири адолат қилиш мақсадида яна битта дераза очдириб, иккала ўликни бир вақтда икки деразадан олиб чиқартирди. Ўзининг адолатидан кўнгли равшанлашди. Бироқ, орадан етти кун ўтгач, катта хотини тушига кирди. Қараса, хотин хафа эмиш. Нуқул “Сиз барибир кичик хотинингизни яхшироқ кўрардингиз”, дермиш.
-Икковингни бир ҳилда яхши кўрардим,-дебди эр.
-Йўқ, кичик хотинингизни яхшироқ кўрардингиз, шунинг учун ҳам унинг ўлигини янги деразадан олиб чиқартирдингиз...
Осмондаги можаро
Туркларнинг одати бўйича, майитни ювиш, кафанлаш учун ғассолнинг уйига олиб борилади. Тоғ этагидаги сой бўйида яшовчи ғассол ялқовроқ эди. Пастдан сув ташиб чиқишга эриниб, майитни кўтариб, сойга олиб тушди. Иттифоқо майит қўлидан чиқиб, сойнинг тезоқар суви оқизиб кетди. Ғассол ҳеч нима бўлмагандай кулбасига чиқиб ўтираверди. Майитнинг эгалари келганда “Ўликларинг ҳажга кетди”, деди. Улар ҳайрон бўлишган эди, тушунтирди:
-Ўликни ювиб, кафанлашни бошлаганимда осмондан фаришталар тушишди-ю “бу бандани Аллоҳ севарди, унинг жойи ҳажда”, деб олиб чиқиб кетишди.
Майитнинг эгалари бу хушхабардан қувониб, изларига қайтишди. Эртасига майит сойнинг саёзроқ жойида кўриниб қолди. Майит эгалари ғассолга таҳдид қила бошладилар. Шунда у дедики:
-Мен кафанлаётганимда фаришталар уни осмонга олиб чиқиб кетишган эди. Осмонда нима гап бўлганини мен қаёқдан билай?
Яна олинг
Мезбон меҳмонга илтифот қилди:
-Сомса совумасин, олсинлар, тақсир.
-Хўп ажойиб сомса бўлибди. Тўрттасини Простите, никогда больше материться не буду!, тўйиб қолдим.
-Тақсир, бешта едингиз, яна битта олинг, жуфт бўла қолсин.
Сиғмаяпти...
Меҳмондорчиликда ўтирган ота ўғилнинг ош ошалашидан ҳижолат бўлиб, уни тартибга чақирмоқчи бўлди:
-Ўғлим, учтадан гўшт қўшиб ошалаяпсизми?
-Ҳа, дада, тўрттадан олай десам, кафтимга сиғмаяпти.
Телеграмма
Хасисликда тенги йўқ бир одам Москва саёҳатига отланди. Самолёт қўниши билан хотинининг илтимоси эсига тушиб, телеграмма жўнатиш учун почтага кирди. Хотинига бўлган меҳр-муҳаббатини аён қилиб қўйиш учун чиройли қилиб ёзди:
“Жонгинам, Москвага эсон-омон, бефалокат учиб келдим. Соғ-саломатман. Сени ўпаман”.
Почтачи сўзларни санаб, ҳисоб-китоб қилиб берган эди, тўлайдиган пулни кўриб, капалаги учиб кетди. Телеграммадан воз кечай деса, хотинига ваъда берган. Ўйлай-ўйлай сўзларни қисқартира бошлади.
“Жонгинам”, дейишим шартмас. Кечалари минг марталаб айтганман”, деб биринчи сўзни ўчирди. “Эсон-омон, бефалокат учиб келганимни айтишим шартмас. Фалокат бўлганида учиб келиб, телеграмма бермас эдим-ку? Хотиним ақлли, бу ёғини ўзи билиб олади”, деб бу сўзларни ҳам ўчирди. “Учиб келдим”, дейишим шартми? Самолётда учмай эшак аравада келибманми бу ерга?”, деб бу сўзни ҳам ўчирди. “Соғ-саломатлигим аниқ-ку? Уйдалигимда соппа-соғ эдим, нима, тўрт соатда айнийманми?” деб яна ўчирди. “Қайси калла билан “сени ўпаман” деб ёздим? Телеграммада ҳам ўпиш мумкин эканми?” деди-ю буни ҳам ўчирди. Қараса, телеграммада “Москва” деган сўз билан ўзининг исми қолибди. “Москвага учмай Берлинга учибманми, хотиним билади-ку”, деб буни ҳам ўчирди. Кейин “хотиним исмимни билади”, деб охирги сўзни ҳам ўчиргач, ўйланди: “Телеграмма юбориш шартми? Агар фалокат бўлиб, самолёт портласа, радиодами ё телевизордами эълон қилишарди, хотиним шундан биларди. Фалокат ҳақида хабар йўқми, демак, етиб келганим аниқ. Бир ҳафтадан кейин қайтиб бораман. Эсон-омон учганимни ўшанда айтаман. Айтаман-у росманасига ўпиб қўяман”.
Жамоа жам
Сайёҳларнинг кемаси денгиз ўртасида ҳалокатга учраб чўка бошлади. Бир киши йиғлаб, Аллоҳга муножотни бошлади:
-Эй Худо, биламан, гуноҳларим кўп. Бузуқлик ҳам қилдим, пора ҳам олдим, ғийбатдан, фитнадан тийилмадим. Энди битта мени деб шунча одамни чўктирасанми?
Шу онда унга бир овоз келди-ки:
-Эй банда, сен куйинма, кема фақат сенинг гуноҳинг учун чўкаётгани йўқ. Худо бу кемага ўзингга ўхшаганларни тўплаган...
Тайёрмисан?
Табиати бузуқ одам гуноҳларининг жазосидан қўрққан маҳалда ўзича чалама-чатти равишда, бетаҳорат бўлса-да, намоз ўқиб қўярди. Навбатдаги қўрқув юрагига оралаганда ният қилиб, қулоқ қоқди-да, рукуга борди. Шунда кўз олдида бир соҳибжамол пайдо бўлди:
-Сен кимсан?- деб сўради.
-Мен шайтонман, сени йўлдан ургани келдим,-деди соҳибжамол тасвири.
-Мени йўлдан уришнинг сираям ҳожати йўқ, ўзинг тайёрмисан?
Йигирмата қўй
Бир масжид қоровули имом-хатибнинг янги салласига ҳуши кетиб, бир кийиб кўрмоқчи бўлди. Саллани бошга қўндирган маҳалда бир одам масжидга кириб келиб, уни имом деб ўйлади-ю, қайғусини билдирди. У киши саллали одам улуғ бўлади, деган ўйда, дардини очиқ айтди:
-Менинг фарзандим йўқ. Лекин бир итим бор эди. Йигирма йил боқдим, ўз фарзандимдай бўлиб қолган эди. Бугун ўлиб қолди. Шуни одамга ўхшатиб кўммоқчиман. Уйимга бориб, итимга жаноза ўқиб қўйсангиз.
Қоровул итга жаноза ўқилганини эшитмаган эди. Шу боис “Қандай бўларкин?” деб мужмал жавоб берди.
-Фақат мумкинмас, деманг, мен сизга йигирмата қўй атаб қўйганман,-деди у киши ялиниб.
Йигирмата қўйнинг дарагини эшитган қоровулнинг эси оғиб қолди. Жаноза ўқишни мутлақо билмаслигини ҳам унутиб, у кишига эргашди. Итнинг жасади оқ чойшабга ўралиб, ҳовлида гўр ҳам қазиб қўйилган эди. Саллали қоровул жасад ёнидан жой олиб, қулоқ қоқиб, қўл боғлади. Ўқиладиган дуоларни билмагани учун ўзининг касбини қила қолди. У ўттиз йил бадалида колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаган эди. Уч-тўрт нафаснинг ичида йигирмата қўйнинг бозор нархида неча пул бўлишини ҳисоблаб чиқди. Мутавалли сезиб қолгудай бўлса, унга қанчасини беришни чамалагач, дуога қўл очди.
Эртасига унинг бу қилмиши мутаваллига етди. “Алиф”ни калтак дейдиган, иккита кичик сурани йигирма йилда аранг ўрганиб олган мутавалли итга жаноза ўқиш мумкин ё мумкинмаслигини аниқ билмаса-да, таваккалига ўдағайлашни бошлади, эшакка тескари миндириб, сазойи қилдираман, деб пўписа ҳам қилди. Қоровул ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган пайтларида текширувчилар келиб “қаматаман”, деганда ҳам у чорасини топарди. Бу сафар ҳам муте ҳолда қўл қовуштирганича деди:
-Тақсирим, итга жаноза ўқиш мумкинмаслигини биламан. Гуноҳи менга. Лекин итнинг эгаси йигирмата қўй бермоқчи эди. Йўқ, дея олмадим. Қўйларнинг ўн бештасини сизга ажратиб қўйдим.
-Ростданам йигирмата қўй бердими?-деди чала мутавалли шаштидан тушиб.
-Ҳа, атаб қўйган экан,-деди қоровул.
-Унда дарров тур, -деди мутавалли шошилиб,-фотиҳага бориб келайлик.
Бордилар. Фотиҳа ўқиб, ит эгасининг кўнглини чоғ қилдилар. Қайтаётганларида мутавалли тўхтаб, пешонасига бир шапати урди:
-Оббо, эсдан чиқибди-ку?-деди.
-Нима?-деб қизиқди қоровул.
-Йигирма оши қачон бўлишини сўрамабмиз-ку, бор, билиб кел.