Фикр айла ва шукр қил.
Бунинг маъноси шуки, Аллоҳнинг сенга берган неъматларини эсла. Ўша неъматлар устингдан ва оёғинг остидан ўраб олгандир.
«Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим сураси, 34-оят).
Баданингиз соғ бўлиши, юртингиз тинч бўлиши, озуқа ва кийимлар бўлиши, ҳаво ва сув мавжудлиги, қўйингки, дунё сизнинг қўлингизда-ю, уни ҳис қилмаяпсиз. Ҳаётга эгасиз-да, уни билмаяпсиз.
«Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?» (Луқмон сураси, 20-оят.)
Икки кўзинг, тилинг, икки лабинг, икки қўлинг ва икки оёғинг мужассам. «Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?» (Раҳмон сураси, 51-оят.)
Ўйлаб кўр-чи, кесилган оёқ билан юриш осон ишми? Болдиринг кесилган бўлса, унга суянишнинг иложи борми? Оғриқ ўраб турганида кўзингни юмиб ухлай олармидинг ёки қорнингга иштаҳа тусаб турган овқатни ёки совуқ сувни тиқа олармидинг? Шундай кишилар борки, овқат дилини хира қилиб, ичган суви заҳарлаб, уни касалга мубтало қилган. Қулоғинг ҳақида фикр юрит, чунки сен карликдан халос этилдинг, кўзинг ҳақида ўйла, чунки кўрликдан омонда қилиндинг, теринг тўғрисида фикр айла, чунки сен песлик ва мовохликдан нажот топдинг, ақлингга назар сол, чунки ақлинг мужассам бўлгани учун жиннилик ва довдирликка чалинмадинг.
Битта кўзингни Уҳуд тоғидек олтинга алиштирасанми? Ёки қулоғингни Саҳлон тоғи вазнича кумуш эвазига сотишни яхши кўрасанми? Тилингнинг соқов бўлиши эвазига Заҳро қасрини сотиб олишни хоҳлайсанми? Қўлинг кесилиши эвазига гавҳар ва ёқутлар берилишини истайсанми? Сен ўзи аслида энг афзал неъматлар ичидасан, лекин ўзинг билмайсан. Ғам-ғусса, хафа ва тушкунликда яшайсан. Олдингда иссиқ нонинг, совуқ сувинг, тинч уйқунг ва офият турсанг-да, йўқотган нарсаларингни фикрлайсан, борига шукр қилмайсан, молиявий зарардан безовта бўласан, аслида олдингда саодат калити, беҳисоб яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар бор. «Нафсларингизга оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?» (Зорият сураси, 21-оят.)
Ўз нафсинг, аҳлинг, уйинг, ишинг, офиятинг, дўстларинг ва атрофингдаги дунё ҳақида фикр юрит. «Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар» (Наҳл сураси, 83-оят).
Ўтган ишга саловот
Ўтган ишни эслаб, унинг таъсирига тушиб хотирлаш ҳамда фожеаларга хафа бўлиш аҳмоқлик ва жинниликдир. Шунингдек, иродани синдириш ва ҳозирги ҳаётни совуриш ҳамдир. Ўтган ишнинг маълумотномалари ақлли кишилар наздида пинҳона тутилиб, оғиздан оғизга кўчирилмайди. У доимий унутиш зиндонига қулфланиб, бепарволик қамоқхонасига мустаҳкам арқон билан боғлангандир. У ҳеч қачон чиқиб кетмайди. Шу даражада ёпиладики, ёруғлик кўринмайди. Чунки ўтиб кетди ва тугади. Хафалик эса қайтиб келмайди, ғам эса ўнгланмайди, қийинчилик қайта бўлмайди, чунки у йўқ бўлиб кетди. Сен ўтган замон босинқирашида, йўқ бўлиб кетувчи соя остида яшама. Нафсингни мозий хаёлотидан сақла. Нима, сен сув анҳорнинг бошланган жойига қайтиб кетишини, қуёшнинг чиққан жойига кириб кетишини, бола она қорнига, сут кўкракка ва кўз ёши кўзга қайтишини хоҳлайсанми? Демак, ўтган замон учун таъсирланишинг, ундан безовта бўлиб, олови билан куйишинг, остонасига қулашинг қўрқинчли, даҳшатли хавф-хатардир. Ўтган замон дафтарини ўқишинг ҳозирги кунинг йўқ бўлиши, хатти-ҳаракатларинг парчаланиб, ҳозирги реал фурсатни барбод қилишдир. Аллоҳ умматлар нима қилишганини зикр қилиб: «Улар ўтиб кетган кишилардир», деб айтган (Бақара сураси, 134-оят).
Иш тугаб ўтиб бўлган, замон жуссасини ёриб кўришнинг ва тарих ғилдирагини қайтаришнинг фойдаси йўқ, ўтиб кетган ишга қайтиш худди унни яна тегирмонда ун қиламан, деган кишига ёки арраланган ўтин қипиғини қайтадан арралайман, деган одамга ўхшайди. Қадимда ўтганларга йиғловчи кишига «Йиғлаганинг билан ўликлар қабрдан чиқмайди», дейишган.
Ҳайвонлар тилидан гапириб эшакка: «Нима учун етаклашганда судралмайсан?» дейилганда, у: «Ёлғонни ёмон кўраман», деган экан.
Бизнинг балоимиз шуки, ҳозирги нарсаларни рўёбга чиқаришдан ожизмиз-да, мозийга машғулмиз. Чиройли қасрларимизга беътибор бўлиб, эскирган харобаларга ўзимизни бахш этамиз. Агар инсону жин ўтмишни қайтаришга жам бўлса ҳам, асло уни қайтаролмайди. Чунки бу айни маҳолликдир.
Одамлар орқага қарамайди. Чунки шамол ҳам олдинга эсади, сув ҳам олдинга қараб оқади, карвон ҳам олдинга қараб юради. Сен ҳаёт қонунига хилоф қилма.
Бугунги кунинг ҳақиқий кундир
Агар тонг орттирсанг, кеч бўлишини кутма, бугунги кунингга яраша яша! Яхшилигу ёмонлиги кетган ўтган кеча билан ҳам, ҳали келиб улгурмаган эрта билан ҳам яшамагин. Қуёши чиққан, наҳори етиб келган бугунги кунинг учун кифоялан. Гўёки умринг бир кун, сен яшаш абадийлигини шу кунинг учун қил, гўё бугун туғилгансан-да ва бугун ўласан. Ўтган замон ташвиши, ғам-ғуссаси билан, келажакнинг қўрқинчли шарпаси ва даҳшатли босимидан таъсирланма. Бор диққатинг, аҳамиятинг, ижодкорлигинг ва жидду жаҳдингни фақат бу кунинг учун қарат. Шундай экан, бугунги кунинг учун хушуъли намоз, тадаббурли тиловат, фикр юритиб хабардор бўлиш, қалб ҳозирлиги билан зикр, ишларда мувозанат, хулқларда яхшилик, ризқ тақсимотида розилик, кўринишга аҳамият, жисмга ғамхўрлик ва бошқаларга манфаат етказиш каби нарсаларни ўзингда мужассам қил.
Сен бугунги кун билан яшаб, соатларни тақсимлаб, дақиқаларидан йиллар, сонияларидан ойларни барпо этишинг ва у кунда яхшилик қилиб, хайр-эҳсонлар улашиб, гуноҳларга истиғфор айтиб, Раббингни зикр қилиб, охират сафарига тайёр бўлиб, бугунги кунингда шоду хуррамликда, омонлик ва хотиржамликда, ризқинг, аҳли аёлинг, болаларинг, вазифанг, уйинг ва илмий савиянгдан рози бўлиб яшайсан.
“Сенга ато қилган нарсани олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин”. (Аъроф-114). Шунда бу кунингдан хафа бўлмасдан, безовталанмай, ғазаб, гина ва ҳасадга берилмасдан яшайсан.
Қалбинг доскаси ва ҳамда ёзув столинг устига «Бу кунинг ҳақиқий кунинг», деб ёзиб қўй. Агар иштаҳа қилган ҳолда бугун иссиқ нон есанг, кеча еган пўпанак босиб қотиб қолган нонинг ёки эртага ейдиган нонинг зарар берадими?
Агар бугун ширин, булоқ суви ичсанг нима учун кеча ичган шўр, намакоб сувга хафа бўласан ёки эртага ичишинг мумкин бўлган, туриб қолган иссиқ сувга аҳамият берасан. Агар ўзингдаги қаттиқ ва ўткир ҳамда метин иродангни «Фақат бугун учун яшайман» назариясига бўйин эгдирсанг демак сен борлиғинг биносини, иқтидоринг юксалишини, амалинг соф бўлишини қўлга киритибсан. Шунда сен фақат, шу бугун лафзимни ширин қиламан, фаҳш, сўкиш ёки ғийбат сўзларни айтмайман. Фақат шу бугун уйимни, ёзув столимни тартиблайман дегин. Шунда пала-партишлик, сочилиб кетишлик бўлмайди. Фақат бугуним учун яшаб, жисмим тозалигига, кўринишимни яхшиланишига, устки кийим бошимни тузатиш, юришим, сўзим ва ҳаракатим мувозанатли бўлишига аҳамият бераман, дегин.
Фақат бу куним учун яшаб, раббим тоатига, намозимни энг чиройли кўринишда, нафлларга бойитилган ҳолда адо этишга, Қуръоним мажбуриятини бажаришга, китобларимга назар солишга, фойдали нарсаларни ёд олишга, манфаатли китобларни мутола қилишга киришаман.
Фақат бу куним учун яшаб, қалбимга фазилат уруғини экиб, ундан тиконли шохи бўлмиш ёмонликни яъни кибр, ажабланиш, риё, ҳасад, гина, алдов ва ёмон гумон каби нарсаларни таг-томири билан йўқ қиламан.
Фақат бугун учун яшаб бошқаларга манфаат бериб, эҳсон қиламан. Касал кўргани бораман, жанозада иштирок этаман, иккиланиб турганларни йўллаб қўяман, очларга овқат улашаман, қийналганларга таскин бераман, мазлум билан бирга тураман, бечора ҳолларга воситачи бўламан, жабрланганларга тасалли бераман, олимларни ҳурматини жойига қўяман, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўламан.
Фақат бугун учун яшайман, чунки ўтган иш ўтиб кетди, худди қуёш каби ботиб кетди. Ҳеч кетган нарсага йиғламайман ҳам, бирор лаҳза эслаш учун турганимни кўрмайсиз ҳам, чунки мозий бизни тарк қилиб, четлашиб, абадул-абад қайтмайдиган бўлиб кетган.
Эй келажак! Сен ғайб оламидасан, мен эса хаёллар олами билан муомала қилмайман, нафсимни ваҳималарга сотмайман, йўқолувчи нарсаларга шошмайман, чунки «эрта» ҳеч нарса эмас, ҳали халқ қилинмаган, ҳеч ким уни ҳали эсламаган. Бу кунинг ҳақиқий кундир.
Эй инсон! Ҳаётни энг чиройли сурати ва ҳолатини хоҳласанг, луғатдаги энг чиройли сўз «БУ КУНИНГ ҲАҚИҚИЙ КУНДИР», деган сўздир.
© by www.islom.uz